Навигация дастурий таъминотини ишлаб чиққан компания - Horizon Navigation
смартфонлар учун Windows Mobile платформасида ишловчи Hajjmate иловасини ишлаб
чиқди. Бу илова ҳаж мавсумида мусулмон зиёратчиларга Маккага етиб олишларида
ёрдам беришга мўлжалланган.
Hajjmate
автомобилда ва пиёда юрганда ишлатиладиган стандарт GPS иловаси – NavMateнинг
барча имкониятларидан ташқари, Маккаи Мукаррама ва Мадинаи Мунаввара
зиёратчилари учун мўлжалланган бир қанча махсус ноёб функцияларга эга. NAVTEQ
стандарт харитасига Саудия Арабистони учун махсус POI қўшилди. Улар орасида
Арафот, Мино ва Муздалифа каби муборак нуқталар киритилди. Шунингдек,
зиёратчилар бу харитага ўзлари жойлашган меҳмонхоналарни ҳам тезда қўшиб
қўйишлари мумкин, бу уларга ибодатдан сўнг уйга қайтишларида қулайлик туғдиради.
Илова инглиз, араб ва яна 20дан ортиқ бошқа тилларда ишлайди.
Илованинг
чакана нархи 79,99 доллар бўлиб, у 4GB microSD га киритилган. Уни Horizon
компаниясининг барча электрон дўконларида харид қилиш мумкин. Шунингдек, бу
янгиликни Туркия, Миср, Покистон ва БААда сотувга чиқариш юзасидан музокаралар
ўтказилмоқда.
Бу
йил ҳаж мавсуми ноябр ойининг охирларига тўғри келади. Ҳаж мавсумига ҳар йили
икки миллионга яқин зиёратчи тўпланиб, уларнинг бир ярим миллиондан ортиғи
хориждан ташриф буюради.
|